Elchining murojaati
Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Элчисининг мурожаати
Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Элчихонасининг расмий саҳифасига хуш келибсиз! Икки мамлакатимиз ўртасидаги узоқ йиллик дўстликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни давом этар эканмиз, саҳифамизнинг барча меҳмонларини самимий саломлар билан қарши олиш мен учун катта шараф ва мамнуниятдир.
Ўзбекистон ва Ўмон халқлари ўртасидаги алоқалар чуқур тарихга эга бўлиб, асрлар давомидаги маданий ва савдо алмашинувлари орқали шаклланган. Бизнинг муносабатларимиз ўзаро ҳурмат ва умумий қадриятларга асосланган бўлиб, йиллар ўтиши билан сезиларли даражада ривожланиб, минтақаларда тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишга бўлган саъй-ҳаракатларимизни мустаҳкамлайди.
1992 йил 22-апрелда мамлакатларимиз ўртасида расмий дипломатик алоқаларнинг ўрнатилиши икки томонлама алоқаларимизнинг ривожланишида муҳим босқич бўлди. Бу, ўзаро манфаатларга эга бўлган турли соҳаларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатишига замин яратди. Шундан бери, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларимизнинг ривожланишида сезиларли ютуқларга эришиб бормоқдамиз. 2018 йил Масқатда Ўзбекистон Элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Бу муҳим қадам, Ўмондаги мавқемизни мустаҳкамлаб, ҳукуматларимиз ва халқларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа ва ҳамкорликларни мустаҳкамлаб бормоқда.
Икки томонлама иқтисодий алоқаларимизда асосий пойдеворларидан бири 2010 йили ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси - UzOman Investment Company (UOIC) ҳисобланади. UzOman Investment Company иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг томонидан киритилган сармоялар асосан инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларга йўналтирилади. Компаниянинг 75% улуши Ўмон Инвестиция агентлиги (OIA)га тегишли, қолган 25% эса Ўзбекистоннинг Тикланиш ва ривожланиш фонди (UFRD)га мансуб. Шу вақтга қадар 20 дан ортиқ лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди, бу эса икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ва барқарор иқтисодий алоқаларнинг истиқболли ривожланишининг кўрсаткичларидан биридир.
2020-йил декабрда Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Султон Қобус университети ўртасида ҳамкорлик бўйича муҳим келишув имзоланди, бу эса таълим соҳасидаги ҳамкорликларимизни янада мустаҳкамлади. Ушбу келишув бизнинг талабаларимиз ва олимларимизга ҳамкорлик қилиш ва билим алмашиш имкониятларини яратди, бу эса мамлакатларимиз ўртасида илмий алоқаларнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшди.
2018-йилда Тошкентда Абу ал-Райҳон ал-Беруний номидаги кутубхона очилиши ўзаро маданий ҳамкорлик алоқаларимизнинг мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Тадбирда ўша даврда Маданият ва Мерос вазири лавозимида ишлаган ва айни пайтда Ўмон Султони Ҳайсам бин Тарик Ол Саид Жаноби Олийлари раҳбарлигида делегация иштирок этди. Кутубхонада 26000 дан ортиқ қўлёзма ва 40000 дан ортиқ ноёб китоблар сақланади, жумладан, улар орасида ал-Берунийнинг асарлари ҳам мавжуд. Ушбу кутубхона умумий маданий меросимизни сақлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга қўшилган катта ҳисса бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг модернизацияси ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Бу ислоҳотлар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги тараққиётига янги туртки бўлиб, халқаро алоқаларда Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Элчиси сифатида мен муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари ва мақсадларини амалга ошириш, Ўмон билан икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш ва мамлакатимизнинг глобал майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш учун фаол иш олиб боришда қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.
Мен икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва унинг ривожини таъминлашга интиламан. Биз биргаликда умумий қадриятлар ва мақсадларга эришиш учун ҳамкорлигимизни давом эттиришга ва кенгайтиришга интиламиз. Бизнинг элчихонамиз ҳар икки мамлакатнинг фуқароларига ва меҳмонларига ҳар қандай муаммолар бўйича ёрдам кўрсатишга тайёр, ва шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорликнинг гуллаб-яшнаши йўлида хизмат қилади.
Сизни ушбу платформа орқали биз билан боғланишга ва ҳамкорлигимиз бой тарихига таянган ҳолда, савдо, инвестициялар, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли янги имкониятларни тадқиқ қилишга таклиф қиламан.
Самимий эзгу тилаклар билан,
Хатамов Абдусалом Курбонович
Ўзбекистон Республикасининг Ўммон Султонлигидаги Элчиси