Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ араб тили ўқитувчилари Ўмонда малака оширдилар

Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ араб тили ўқитувчилари Ўмонда малака оширдилар
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Янги аср университети ва Тошкент ижтимоий инновациялар университетининг бир гуруҳ ўқитувчилари шу йилнинг 1-30 январь кунлари Ўмоннинг Манаҳ шаҳридаги Султон Қобус номидаги араб тили институтида ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон ўқитувчиларининг малака ошириш дастурига Ўмонда араб тилига ўқитиш методикаси, ўқув дастурларини тузиш, имтиҳонга тайёргарлик кўриш каби жараёнлар билан танишиш киритилди. Ўқитувчиларимиз институтда араб тилини ўрганаётган хорижий талабалар дарсларида иштирок этдилар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
28 январь куни институтда малака ошириш курси тингловчиларининг битирув кечаси бўлиб ўтди. Тадбир доирасида элчихона ходимлари ва юртдошларимиз ҳамкорлигида Ўзбекистон маданиятига бағишлаган тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг бой маданий ва илмий мероси, хусусан ўзбек халқининг урф-одатлари ва асрий қадриятлари акс этган кўргазма ҳамда саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Битирув кечасида сўзга чиққан институт мудири Усмон ал-Саъдий хорижликлар учун араб тилини ўргатиш дастури бўйича ойлик ўқув курсларида доимий равишда таҳсил олиб келаётган Ўзбекистон вакилларининг таълим олишга бўлган муносабатини эътироф этди.
"Ўзбекистонлик тингловчилар бошқа хориждан келган талабалардан ўзларининг ўткир зеҳни, ақл-заковати, илмга чанқоқлиги ва барчага намуна бўла оладиган одоби билан яққол ажралиб турдилар. Хусусан, жорий йилда институтда малака ошириш учун келган Ўзбекистон ўқитувчилари таълим методикамизга ўзгартириш киритишга мажбур қилишди. Юртингиз тингловчилари билан ишлаш биз учун жуда мароқли ва қизиқарли бўлди. Шубҳасиз, бу йилги ўзбекистонлик битирувчилар институт тарихидаги энг яхши тингловчилар қаторидан жой оладилар", - деди у.
Усмон ал-Саъдий, шунингдек, жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган ўқувларда Ўзбекистондан уч нафар араб тили ўқитувчиси ва беш нафар талабанинг таҳсил олиши режалаштирилганини маълум қилди.
Анжуманда Австралия, Австрия, Беларусь, Бельгия, Венгрия, Жанубий Корея, Италия, Марокаш, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Фаластин, Ҳиндистон, Эрон ва Ўмон вакиллари ҳам ўзларининг миллий стендлари билан иштирок этишди.
Тадбир якунида барча тингловчиларга Султон Қобус номидаги араб тили институтининг таълим сертификатлари тантанали равишда топширилди.