"Asdaa Oman": Ўзбекистон қадимий анъаналарини сақлаб қолиш билан бир қаторда замонавий дунё ютуқлари билан ҳамоҳанг тарзда ривожланмоқда

"Asdaa Oman": Ўзбекистон қадимий анъаналарини сақлаб қолиш билан бир қаторда замонавий дунё ютуқлари билан ҳамоҳанг тарзда ривожланмоқда
МАСКАТ, 17 январь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Asdaa Oman" электрон нашрида "Ўзбекистон Ислом тарихининг ўтмиши ва ҳозирги замони ўртасида муҳим халқа" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ўзбекистон Ислом дини тарихини ўзида сақлаб қолган мамлакатлардан биридир", – дейилган мақолада.
Нашрда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашгани, Ислом халифалиги даврида муҳим маданий марказ бўлгани ва Шарқ билан Ғарб ўртасида алоқалар ўрнатишда асосий халқаларидан бири бўлиб хизмат қилгани қайд этилган.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ҳудудига Ислом дини VII асрда кириб келган ва шу вақтдан бошлаб минтақага тез тарқалган.
"Бухоро Ислом дунёсининг энг йирик марказларидан бири ҳисобланган. У ерда Ислом фалсафасига таъсир кўрсатган кўплаб олимлар яшаган. Улардан бири Имом Бухорийдир. У Ислом тарихидаги энг муҳим ҳадис китобларидан бири бўлган "Саҳиҳ ал-Бухорий"ни тўплаган ва тартибга солган. Ўзбекистонда Ислом дини таъсирининг энг ёрқин кўринишларидан бири бу Ислом архитектурасидир. Узоқ йиллар давомида қудратли давлатларнинг пойтахтлари бўлган Самарқанд шаҳри ҳозиргача Ислом архитектурасининг буюклигини намойиш этувчи кўплаб тарихий биноларни сақлаб келмоқда", – дейилган нашрда.
Ўзбекистон мусулмон оламида қадимий ёдгорликлари билан жуда машҳур. Бухородаги "Масжиди Калон" ва Самарқанддаги "Шердор" мадрасаси шулар жумласидандир. Ушбу иншоотлар ўзининг ажойиб архитектураси, нақшлари, ва араб, форс ва туркий услубларни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳайратланарлидир.
Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудуди муҳим маданий марказга айланди. Хусусан, Бухоро ва Самарқанддаги мактабларда фақат Ислом таълимоти бўйича эмас, балки бошқа кўплаб дунёвий фанлар бўйича ҳам сабоқ берилган.
Мақола хулосасида қайд этилганидек, "Ўзбекистон ўзининг қадимий анъаналарини сақлаб қолиш билан бир қаторда замонавий дунё ютуқлари билан ҳамоҳанг тарзда ривожланишга интилмоқда".