"Ал-Руйъя" газетаси: Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда

"Ал-Руйъя" газетаси: Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда
МАСКАТ, 3 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Ал-Руйъя" газетасида "Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини қандай ҳал қилмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига катта эътибор қаратаётган давлатлардан бири бўлди, – деб ёзилган мақолада. – Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги ва унга алоқадор тармоқлар ҳиссаси билан таъминланади". Ўзбекистон ўзининг сув омборлари ва дарёлари туфайли бой балиқчилик ресурсларига эга, шунингдек, пахта етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сиёсатида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, давлат қишлоқ хўжалиги корхоналарини тугатиш ва қишлоқ хўжалиги ерларини яхшилаш ва озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш учун замонавий технологияларни жорий этган фермер хўжаликларини ташкил этди.
"2017-2023 йилларда саноатни жадал ривожлантириш ва бозор механизмларини жорий этилиши натижасида барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг барқарор ўсишига эришилди. Охирги олти йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошиб, 2023 йил якунига кўра 426,3 триллион сўмга етди", – деб маълум қилинган нашрда.
Мақола хулосасида "Давлат сиёсати турли соҳаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш орқали мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун озиқ-овқат стратегиясини ишлаб чиқишга қаратилган. Шунингдек, асосий мақсад маҳаллий бозордаги юқори сифатли маҳсулотларга бўлган ортиб бораётган талабни қоплаш ҳамда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал миқёсдаги мавқеини яхшилашдир", – деб таъкидланган.